Аюб Шаҳобиддинов – “Қор қўйнида лола”дан “Рангсиз тушлар”гача

  • Asosiy /
  • Maqola /
  • Аюб Шаҳобиддинов – “Қор қўйнида лола”дан “Рангсиз тушлар”гача
Аюб Шаҳобиддинов – “Қор қўйнида лола”дан “Рангсиз тушлар”гача

Ички  бир  сокинликка,  хотиржамликка эга  бўлган,  фильмларида  ҳам  қаҳрамонлар  характери  орқали томошабинга   ўзидаги   осудаликни  бахш  этган кинорежиссёр  Аюб  Шаҳобиддинов  1977 йил  26 майда  Тошкент  вилояти,  Қибрай  тумани,  Наврўз  маҳалласида  таваллуд  топган. 

1Режиссёрнинг ёшлиги

Тумандаги 25-мактабда ўқиб юрган  пайтларидаёқ   Аюб Шаҳобиддиновнинг кино  санъатига  меҳри  ўзгача  эди.  Операторликка,  тасвирга  жуда  қизиққани  боис  сурат тушириб,  уларни  чиқариш  чоғида  ҳатто  қўлларини  ҳам  куйдириб  оларди.  “Қандай  қилиб  оператор  бўлсам  бўлади?”,  деган  мазмун  билан  телевиденияга  хат  ёзади.  Телевидениядаги очиқ  мулоқот  чоғида  Шуҳрат  Аббосов,   Ҳотам  Файзиевлар иштирок  этиб,   қаҳрамонимизнинг   саволига  жавоб  тариқасида   у  Маннон  Уйғур   номидаги  санъат  институтида  таҳсил  олиши  кераклигини  айтишади.  Шундан   сўнг у институтни излаб  бориб, Мунаввара Абдуллаева   билан   учрашиб  қолади.   Суҳбат чоғида  Мунаввара  Абдуллаева   маслаҳатлар   бериб,  тўғри  йўл  кўрсатар  экан,  бадиий  адабиётни   драма,  пьесаларни  кўпроқ  ўқиши   кераклигини  тавсия   қилади.  

Бунинг  натижасида  бўлғуси  режиссор  Достоевский,   Жек  Лондон   ва  Марк  Твен  ижодини  синчиклаб  ўрганади.  Юқоридаги  адиблар   асарлари   таъсирида  ўқиган  китобини  тасаввур   қиладиган,  хаёлида  жонлантирадиган   даражага  эришади.  Мана  шу  нарса  унга  бениҳоя  завқ   бахш   этиши   билан  бирга тобора  ҳаётининг  мазмунига  айланиб  бораётганини    тўлароқ   ҳис  қилади.  Ўқиган    китобларидаги  қаҳрамонларни   кадрда  гавдалантириш   орзуси   Аюб Шаҳобиддиновни   1994 йил   Маннон   Уйғур  номидаги   санъат   институтининг  операторлик  эмас,  балки  режиссёрлик  йўналишига  ҳужжат  топширишига  сабаб  бўлади.  1994-1999  йилларда  олийгоҳнинг   режиссура   бўлимида   Ёлқин  Тўйчиев,  Соҳиб  Аббосхон, Нодир   Комилов   каби  бир  қатор  маслакдош  дўстлари   билан  таҳсил  олади.   Талабалик   давридаёқ   курсдоши   Нодир  Комилов   билан  телевиденияда   ишлай   бошлайди.   Ўша  пайтда  ёшлар  орасида  хит  даражасига   кўтарилган  “5+1”  мусиқий   дам  олиш  дастурини  ташкил  қилишади.  Кўрсатувнинг   иловаси – ташриф   буюрган   меҳмон   билан  ярим  соатлик  суҳбатни  Аюб Шаҳобиддинов   бошловчи   сифатида  олиб  боради.  

2Дебюти

1999 йил  диплом   иши  сифатида  қирқ минутлик “Уфқ  ортидан”  қисқа  метражли  фильмни  суратга  олади. Фильм Қозоғистондаги “Янгича   нигоҳ” ёшлар  фестивалига дўсти Ёлқин Тўйчиевнинг “Февраль”  қисқа  метражли  фильми  билан  бирга  жўнатилади.  Қаҳрамонимизнинг  фильмини   мутахассислар  эътироф  эътиб,  юксак  баҳолашади.   Ёлқин Тўйчиевнинг  фильми  эса  “Энг  яхши  актриса”  номинацияси  бўйича   ғолиб  бўлади.   Бу ютуқ  ёшларнинг  қалбини  алангалатиб,  катта   ижодга  дебоча  бўлиб  хизмат  қилган  десак, янглишмаймиз.  Чунки   Москвада  таҳсил  олиш  учун  бўлғуси   ижодкорлар  айнан  шу  ишларини  тақдим  қилишади. 

Шундай  қилиб  икки  дўст  2000-2002 йилларда Режиссор  ва  сценаристлар  тайёрлайдиган  олий  курсда  таҳсил олишади.  2002-йилда ўқишни тугатиб,  катта мақсадларни  олдига  қўйиб,  уларнинг  рўёбига  астойдил  интилаётган Аюб Шаҳобиддиновни “Ўзбекфильм”га  режиссёр  сифатида  ишга  қабул  қилишади.  Енг  шимариб  ишга киришган   ёш  ижодкор  қисқа  фурсатларда   Абдулҳамид  Чўлпоннинг  ҳикояси  асосида Ёлқин  Тўйчиев  сценарийси билан   2003 йил  дебют  фильми  “Қор  қўйнида  лола”ни  суратга олади.  Фильмда  бош ролларни  Саидкомил   Умаров, Зулхумор  Мўминова, Ўлмас  Алихўев,  Замира  Бешимова ва  Лола  Элтоевалар  ижро  этишган.  Самандар савдогар   (Саидкомил  Умаров)  талқинидаги  образ   савдоси касод  бўлгач,  фоний  дунё  ҳузур  ҳаловатидан  воз  кечиб,  эшонга  мурид  тушади. Эшон икки  дунё  саодатига  бошлайди, мени  маърифатга,  ҳидоятга  етаклайди  дея  унинг  этагидан  ушлайди.  Минг  афсуски,  эшон  ҳазратларининг қалби иймон  нуридан  эмас, дунёвий  ҳирсга  лиммо-лим  экани сал  кейин  маълум  бўлади.  Савдогар мункиллаб қолган  эшонга  назир қилинган гул  ғунчасидек  бокира  қизи  эвазига   ҳар қандай  манфаатдан холи  чинакам  умуминсоний меҳр-муҳаббат  кутган эди.  Аммо тўйдан сўнг  қарздорлик  васиқасини олибкелишганда, савдогар эшоннинг  гап-гапга  келганда  қизингни  эвазига  бўйнингдаги  қарздан  қутқарганман  деган  таънаси    кун  келиб  янграшини  тушуниб  етади.  Фильмнинг сўнги воқеалари таъсирида  савдогарнинг  қалби  бутун  вужудини  исёнга  бошлайди.  

Фильм юртимиз ҳудудида ўтказилган “Ёшлар  гранприси”  совринига,  Азарбайжонда  ўтказилган   “Аудиовизуал” халқаро  санъат  дипломига  сазовор  бўлади.   Қолаверса,  Канн Халқаро  кино фестивалига тақдим этилади. 

3"Севинч" фильми

Ижодни  бир  лаҳза  сусайтирмаган  А.Шаҳобиддинов  2004 йил  Ёлқин Тўйчиев  сценарийси  билан “Севинч” романтик  мелодрамасини  суратга  олади.  Фильмда  ролларни  Бобур  Йўлдошев,  эстрада  хонандалари  Лола  Йўлдошева,  Зилола  Мусаева (Шаҳзода), Жўрабек, Жаҳонгир  Позилжонов  ва шу билан  бирга катта  авлод  вакиллари:  Фарҳод  Абдуллаев,  Раъно  Ярашова,  Жамшид Зокиров ҳамда  Гавҳар   Зокировалар  ижро  этишган.  Юқоридаги  барча актёрларнинг  машҳурлигини,   мавзунинг  оммабоп ва  ёшларбоп  эканлигини  ҳисобга  олсак,  фильм  2004 йилнинг  энг  кассабоп  фильми  бўлганига  ҳайратланмаса  ҳам  бўлади.  Кетма- кетликни  2005 йил  “Кўргулик”  фильми   давом  эттиради. 

4"Ўтов" фильми

2007 йилга  келиб,  Ёлқин Тўйчиев  сценарийси  билан   “Ўтов”   фильмини   суратга  олади.  Бош  ролларни  Нозим  Тўлахўев,  Азиз  Раметов  ҳамда  Раъно  Шодиевалар  талқин  этишади.   Фильмнинг   номидан  келиб  чиқадиган  бўлсак,   ўтов  инсонни  ташқи  муҳитдан асраб  турадиган   кўчма  уй  маъносини  англатади.  Аюб Шаҳобиддинов   фильмдаги  ота  образи Саид  Убайдуллоҳ  (Нозим  Тўлахўев)  орқали  ёлғиз  фарзандига  мажозий   маънода  ўтов  бўлиш  учун  ҳар  нарсага  тайёр  инсон  образини  тасвирлайди.  Ўғлига  Жавоҳир (Азиз  Раметов)  дея  исм  қўйилишида  ҳам  рамзий  маъно  бор.  Чунки ўғли  унинг  бу дунёдаги  энг  катта  бойлиги,   бор  хазинаси   бўлиш  билан  бирга    отанинг   авлодини  давом   эттирадиган,   ҳаётдаги  якка-ю  ягона   илинжи  ҳам  эди. Убайдуллоҳ   (Нозим  Тўлахўев)  талқин  қилган  қаҳрамони  бобосидан,  отасидан,  аёлидан  айрилган  ва  бунга  Собиқ  иттифоқ  тузумини  айбдор  деб  билади.  Чунки, бобосини  қулоқ,  отасини  қатағон  қилишган,   аёли  эса  тўлғоқ  пайтида  вафот  этади.  Бўлиб  ўтган  воқеалар  таъсирида  қаҳрамоннинг  жамиятдан,   атрофдагилардан кўнгли  совиб,  ўзи  илм-маърифатдан  яхшигина  хабардор  бўлса-да,  тоғлар  бағрига,  узлатга  чекинади.  Одамлардан  йироқда  яшаб,  ҳеч  бўлмаса  ёлғиз   ўғлини   бу оламнинг   тўс- тўполонларидан  асрашга  ҳаракат  қилади.    Шу сабаб газета-журнал  ўқишини, бу билан   унинг  дунёдан  хабардор  бўлишини  хоҳламайди.  Балки, шунинг учун ҳам ўғлини  бироз  довдирроқ,  ўз кучига  ишонмайдиган қилиб  тарбилайди.  Бу ҳам  етмагандек  арзимаган  нарсага  ҳам  койийверади.  Бу  койишлар  натижасида  вазият  шу  даражага  етиб  келганки,  ота ва боланинг бирор  марта  дилдан  суҳбатлашгани  кузатилмайди.   Аксинча,  Жавоҳир  отасидан   қўрқади.   Буни  режиссёр  ота ва боланинг  овқатланиш  саҳнасида  яққол  кўрсатади.  Отанинг   овқат   узатганидан  бола сапчиб  ирғиб  тушади.  Боланинг  ўзини  тутишидан  эрки,  инон-ихтиёри  отасининг  қўлидалигини,   мана шу  ёшигача ҳаётидаги  барча  қарорларни  отаси  қабул  қилганини билиш  қийин  эмас.  Саид  Убайдуллоҳга  худди мана  шу  нарса  керак  эди.  Доимо  мутеъликда,  итоатда  ушлаш.    Негаки,  эркинлик  берса  ўғли  ўз  кучи  ва  имкониятларига  ишонса,   исталган  пайтда   бу  тоғларни,  ўтовни  тарк   этишини   у  яхши  биларди. Бу  борада  қарори  қатъийлиги олийгоҳга  ҳужжат   топшираман  деб  кетаётган  Жавоҳирнинг   ҳужжатларини ёқиб  юборилишида  яққол   кўзга  ташланади.  Журнал   ўқишини  истамаган,  олий  ўқув   юртида  билим  олишини  хоҳламаган  одам  нега   беихтиёр  боласининг   теливизор  олишига,  уни  бемалол  томоша  қилишига   қаршилик  қилмагани  томошабинни  қизиқтириши  табиий.  Режиссёрнинг  чуқур  тафаккури  шундаки,  у  қаҳрамонини  ҳар  жиҳатни  ҳисобга  оладиган  шахс  қилиб  кўрсатишга   ҳаракат  қилади.  Телевизор  воқеаси  Жавоҳирга   эркинлик  бериш  дегани  эмас, балки,   уни  овутиш  эди,  холос.  Шу овунчоқ  билан  овуниб ён-атрофдаги  кечаётган жараённинг  иштирокчисига  айланмаслик   учун  ҳам  теливизор  кўришига  индамайди.   Аммо “мен қиламан  ўттиз,  тақдирим  бўлар тўққиз”  деганларидек,  бу  қисмат  бандасининг  измида  эмас,   Аллоҳнинг  битгани  бўлишини,   Жавоҳирнинг  ҳам ҳаётидаги  кескин  бурилишни  Аюб Шаҳобиддинов  муҳаббатидан  айрилиш   саҳнасига  қуради.   Энди  ўзанидан  тошган  дарё  сингари  Жавоҳирни  ушлаб  қолишнинг   имкони  йўқ эди.   Ота  қанчалик   ҳаракат  қилмасин  бари  бефойда.   Ўғли  армияга  кетишини  айтиб  отга  қамчи  босади.  Отаси  ўғлининг  ортидан   ёлвориб  чопаётганда  ўз   ҳовлисини  ўраб  турган  деворни  тепиб  бузиб  юборади.  Режиссёр  бу саҳна  билан  ота  қанчалик  ҳимояланмасин,  оиласини  асрашга  ҳаракат  қилмасин  ташқи  муҳит  ўз  тасирини  ўтказганини  кўрсатиб  берган.  Кечга  яқин  ўтовга  ёлғиз  отнинг   ўзи  қайтди.  Режиссёр йирик планга  қаҳрамоннинг  юз-кўзини  олиб  чиқади. Кўзларидаги қалқиган  ёш  ўғлига  айтилган  видо  эди.  Чунки,  минглаб  ўғлонларнинг  ёстиғини  қуритган Афғон  урушидан  омон  қайтиш  тегирмондан  бутун  чиқиш  дегандай  гап.   Убайдуллоҳ ота-онасидан  жудо  бўлган  Зайнабга (Раъно  Шодиевага)  уни  ҳимоя  қилиш  мақсадида  уйланади. Никоҳдан кейинги биринчи  кечада  Убайдуллоҳнинг  Зайнабга  “мен  қариман,  сен  эса  ёшсан”,   деган  сўзлари  тасдиғини  Аюб Шаҳобиддинов  тўшагини  алоҳида  қилиш  саҳнаси  орқали  намойиш  қилади.  Бу  билан  режиссёр қаҳрамонининг  ҳақиқатдан  ҳам  шаҳвоний  нафсини  қондириш учун  эмас, қизни  ҳимоя қилиш  учун    уйланганини  тасвирлайди.    

Зайнабни  ижодкор нега  соқов  қилиб  фильмга  киритди?  Негаки, у чин  соқов  бўлса, Убайдуллоҳни  кўрган  азоб-уқубатлари  соқовга  айлантирган  эди.  Жавоҳир  армиядан  қайтди.  Улар яна  бирга  оилавий  дастурхон  атрофида.   Лекин энди  Жавоҳир  аввалги  ҳуркак  оҳу  эмас,  аксинча,  яраланган,  қалби  мажруҳ  шер  эди.   У  отасига  бор  алам  дардини  тўкиб  солади.  Режиссёр  айнан  мана  шу  воқеадан  сўнг  эр-хотиннинг  яқинлашиш  саҳнасини  қуради. У қаҳрамони  ўғлининг   гапларига   жавоб  учун  эмас,  эртага  бу  фоний  дунёда  ундан  сўнг  кимдир  чироғини  ёқиши  учун  бу  ишни  қилади,  десак  тўғрироқ  бўлади.   Негаки у  ўғлининг  ҳозирги  ҳолатида  авлодини  давом  эттиририш  тугул,  ўз  ҳаёти  ҳам  мавҳум  эканлигини кўнгли  сезиб   турарди.  Чунки ўғлини  гиёҳвандлик дея  аталмиш  вабо  тобора  ўз гирдобига тортиб  бораётган эди.   Аламзада  ўғил  бор  кўргуликларимга  телевизор  сабабчи  дегандай  унинг  устига  жаҳл  билан  тупроқ  тортади.  Ахир у  айнан  шу  телевизорда  орзулар осмонидаги  ҳаётни  кўриб,  унга  талпиниб,  ёлғиз  отасини,  кўз очиб кўрган қадрдон  жойларини  ташлаб  кетмаганмиди?  Осмондаги  юлдузлар  сингари  сон-саноқсиз орзу-умидлар  тақдир  чархпалагида  саробга  айлангани Жавоҳирни   бош  олиб  кетишга ундаган  бўлса  ажаб  эмас.  Орадан  йиллар  ўтиб,  Убайдуллоҳни  қизчаси  улғайиб  қолганда  ўғли  армияга  кетаётганда  бузиб  юборган  деворни  тузатиб  турганини   кўришимиз  мумкин.  Режиссёр  бу кадрда  энди  унинг  ҳам  кўнглидаги  жароҳатлар  аста-секин девор  каби  тузаляпти, ўз  оиласини  қурмоқда,  демоқчи  бўлади.   Ана  шундан  сўнггина  оиланинг  ҳимояси  учун  деворни  тиклайди.   Бу  фильмда  Аюб Шаҳобиддиновнинг  маҳорати  шундаки,  фильмдаги барча  воқеаларни  бирин-кетин  зинама-зина  қилиб тизиб  чиқади.  Уларнинг кейингисини  олдингисидан  айро  тасаввур  этиб  бўлмайди.   Диққат  билан  эътибор  берилса,  кадрдан  кадрга  воқеалар  ойдинлашиб,  биринчиси  иккинчисини  тўлдириб  бораверади.  Убайдуллоҳ  қизчаси  билан  телевизорни  кавлаб  олган  пайтда  Жавоҳир  қайтди.   Бу  саҳна орқали    режиссёр  телевизор  «ютиб  юборган» боланинг,   кетганда  ҳавас  қилса арзигулик  йигитнинг  қайтганида  қандай  ачинарли   ҳолатда  эканини  кўрсатиб  берган.  

Аюб Шаҳобиддинов  бу  фильми  орқали минглаб инсонларнинг  Афғон  уруши натижасида  ҳаёти барбод,  умри  хазон  бўлганини  Жавоҳир  образи  орқали  гавдалантиради.  Фильмнинг  ниҳоясида  оила жам-у Убайдуллоҳнинг  жажжигина   қизчаси   арқонда сакрамоқда,   арқонни  ойиси  Зайнаб  ва  акаси  Жавоҳир  айлантиряпти.   Супада  ўтирган  Убайдуллоҳнинг  оиласининг  қайта жам-у  жам  бўлганидан,  ўғлини  туби  йўқ  ботқоқдан  қутқара  олганидан хурсандлиги   юз-кўзларидан  билиниб туради.  Хурсандчиликнинг  асосий  сабаби айланиб  турган  арқон  ҳаёт ва тириклик  рамзи бўлса,  шу  мавжудлик  аро унинг  ҳам авлодлари  ўғли,  қизи  қолаётганлигидан  бахтиёрлик  рамзи чуқур хаёлларга  чўмган нигоҳларида акс этади.  Фильм  ижодкорга  анчагина  муваффақият  келтиради.  Синамарина халқаро кинофестивалининг  бош  мукофотига,  Киношок кинофестивалининг “Энг  яхши  актёр”  номинацияси  бўйича  мукофотга  сазовор  бўлади. Юртимиздаги  миллий  кинофестивал  Гранприсига,  Тожикистонда  ўтказилган  «Дийдор»  ҳакамлар  ҳайъати  мукофотига лойиқ  кўрилади.  Татаристонда ўтказилган турк дунёси  киносини  ривожлантиришга  қўшган  ҳиссаси  учун «Олтин  минбар» мукофоти, қолаверса, замонавий  ва  анъанавий  қадриятларни  акс  эттиргани  учун  бадиий  академиянинг мукофотига сазовор  бўлади. 

5"Телба" фильми

2008 йилга  келиб  яна  Ёлқин Тўйчиев  сценарийси  билан  романтик  мелодрама  «Телба»   фильми  катта  экранларни  забт  этди.  Ҳеч қандай  қонун-қоидаларни тан  олиш  уёқда  турсин,  эшитишни  ҳам  истамайдиган  характерлар  талқини  Аюб Шаҳобиддинов  таъкидлашича   совринлар,  гранприлар  рекордини  ўрнатади.   Зеро ушбу фильм йилнинг  энг  яхши  фильми,  йилнинг  энг  яхши  картина  директори, йилнинг энг яхши актёри, йилнинг  энг яхши  актрисаси,  томошабинлар  томонидан  энг  яхши  дея  этироф  этилган  фильм. Қолаверса,  2008 йилнинг  энг  кассабоп  фильми  дея тан  олинади.  Кино  соҳасидаги  ютуқлари  инобатга  олиниб, Аюб Шаҳобиддинов   2008-йилда  «Ўзбекистонда  хизмат  кўрсатган  маданият  ходими»  унвони  билан  тақдирланади.  

6"Кечиккан ҳаёт" ва "Паризод" фильмлари

2011 йилга  келиб  психологик  драма   «Кечиккан  ҳаёт» мухлислар  эътиборига  ҳавола  қилинади.  Фильмда  ташқаридан  қараганда  ҳеч қандай  камчиликсиз,  барча  нарсаси   тўкис,  аммо қалбан  ёлғиз,  руҳан  эзилган  инсонлар  тақдири  ўз ифодасини  топган.  Фильм  Россиядаги  “Бронза  рицар” ва  «Олтин  витяз» дипломларига   лойиқ  деб  топилади.  

2012 йил Аюб Шаҳобиддинов  “Паризод” поэтик  драмаси  билан  ижодини  давом  эттиради.  Фильмда  бош  қаҳрамон  оддий,  самимий,  бокира  бир  қиз  тимсолида  тасвирланади.  Ҳаёт  зарбаларига  фақатгина  сукут  билан  жавоб  қайтаради.  “Паризод”  (“Жаннат  менинг  масканим”) Россиядаги “Киношок”  кинотанловининг  гранприсига,  “Бондарчук” номидаги  фестивалнинг  “Энг  яхши  актриса” мукофотига  лойиқ  кўрилади,   МДҲ  давлатларининг  энг  яхши  фильми, “Энг  улуғ  ва  энг  азиз ватан”  республика  танловида  фильм  драматургияси  учун  мукофотга  сазовор  бўлади. 

7Сўнгги йиллардаги ижоди

2013 йилда  “Турист”  фильми  мухлисларга  тортиқ  қилинади.  2015 йил Ўзбекистон  халқ  шоири  Муҳаммад Юсуф  таваллудининг  60  йиллигига  бағишланган  ҳужжатли  фильми  бутун адабиёт  ихлосмандларига  совға  бўлди.   2016 йилнинг  совғаси  сифатида  талабалар  ҳаётидан  ҳикоя  қилувчи “Артист”  сериали  тақдим  этилади.   Бундан  ташқари  Аюб Шаҳобиддинов Тоҳир  Маликнинг  “Иблис девори”   асарининг  сценарийсини  муаллиф  билан  ҳамфикрликда  бирга ишлашади.   Жуда  кўп  фильмларга  бадиий  раҳбарлик  қилади.  Фаррух  Соипов  ва  Темур  Примқуловнинг  “Қалбим  ўғриси”,  Умид   Ҳамдамовнинг “Онагинам  орзуси” фильмлари  шулар  жумласидандир.  Ижоддан  бир  сония  бўлсада тўхтамайдиган  Аюб Шаҳобиддинов  2019 йилда  ижодкор  дўсти  Умид  Ҳамдамов  сценарийси  билан  “Рангсиз  тушлар”  фильмини  сувратга  олади.      

Оператор бўлиш орзуси сабаб  режиссёрликка меҳр  қўйган Аюб Шаҳобиддиновнинг   кўпгина  фильмларида   ўз  табиатидаги  сокинлик  бирор  образда  намоён  бўлади. Унинг қаҳрамонларида  ортиқча  дод-вой,  бақир-чақир  кузатилмайди. Аксинча, жим туриб сабр-матонат билан тақдирнинг  синовларига,  азоб-уқубатларига  бардош беришади.  Тўғри, улар бироз  тўпори,  озроқ  чапани бўлиши  мумкин, бироқ   чин  инсоний ҳис- туйғулар,  меҳр-муҳаббат ижобий қаҳрамонларига  бегона эмас.  Энг эзгу туйғулар  сабаб  томошабин қаҳрамон  дардига  ҳамдард,  қувончига шерик бўлади.  Фильмларини такрор  томоша қилар  экан томошабин  илк марта  кўраётгандек  ҳаяжонга  тушади.  Ҳар қандай ижодкор  учун бу бениҳоя бахт.                                                                                      

 

Шуҳратбек   Исломов,

Ўзбекистон   давлат   санъат  ва  маданият  институти,   кино  санъати  танқиди  ва  таҳлили йўналиши  2-курс  талабаси